“Инсон қадри” онлайн платформаси – ҳаётда ва назоратда”

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида “Инсон қадри” онлайн платформаси – ҳаётда ва назоратда” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  масъул ходимлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Семинардан асосий мақсад Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси устидан жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатишда нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг ролини ошириш, ушбу жараёнда “Инсон қадри” онлайн платформаси имкониятларидан кенг фойдаланиш юзасидан амалий кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

Дастлаб, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси биринчи ўринбосари Бахтиёр Машарипов ўзларининг кириш нутқида сўнгги йилларда муҳим стратегик ҳужжатлар ижросини таъминлаш, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини назорат қилиш борасида фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назорати сезиларли даражада ошганлигини таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси бўлим бошлиғи Абсалом Ишимов Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ННТнинг ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди.

Семинар давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти Илҳом Жўраев томонидан Тараққиёт стратегияси ва давлат дастурининг жойлардаги ижроси натижадорлигини аҳолига етказиш бўйича “Инсон қадри” онлайн портали тақдимоти ўтказилди. Эксперт ўз тақдимотида мазкур портал Тараққиёт стратегиясининг асосий мақсадларидан бири бўлган шаффофлик ва очиқ-ошкораликни таъминлаш ҳамда давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотини узлуксиз ва самарали давом эттиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу билан бирга, порталнинг ишлаш механизмлари ҳам тушунтириб ўтилди.

Семинарда сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг янги, демократик шаклларини жорий этиш, қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик вакиллари ва экспертлар доирасида муҳокамалардан ўтказиш, шунингдек қонун лойиҳаларининг халқаро шартнома ва рейтингларга мослигини ўрганишга устувор аҳамият қаратиб келинаётганлиги ижобий ҳолат сифатида баҳоланди. Ушбу берилган имтиёзлар ўз навбатида, нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам катта масъулият юклаши алоҳида эътироф этилди.

ЎзННТМА