Грант лойиҳаси доирасида 5 мингга яқин ёшлар тадбиркорликка ўқитил

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан “Ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” йўналишидаги  “Ўқувчи-талабалар ва ёш тадбиркорларда бизнесни юритиш ҳамда лойиҳа иши бўйича кўникмаларни шакллантириш” танловида ”Мен ҳам тадбиркор бўламан” лойиҳаси билан қатнашган Ўзбекистон  Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан ташкил этилган “Энг яхши бизнес танлови” кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди.

Белгиланган режа асосида 2022 йилнинг февраль–май ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчи–талабалари, ишсиз, уюшмаган ёшлари учун “Мен хам тадбиркор бўламан” мавзусида (онлайн тарзда ZOOM форматида) ўқув семинарлари ўтказилди.

Семинар Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Савдо–саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таьлим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб–қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Двлат Солиқ қўмитаси, Микрокредитбанк, Агробанк, Халк банки ҳамкорлигида амалга оширилди.

Семинар-тренингларда беш мингга яқин ўқувчи-ёшларда тадбиркорлик фаолияти юзасидан амалий кўникмаларни кенгайтириш мақсадида муайян ютуқларга эришган тадбиркорлар ҳамда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўзларининг чиқишлари ва маърузалари билан иштирок этди.

Июль ойида Қорақалпоғистон республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Энг яхши бизнес режа” танловининг ҳудудий босқичлари ўтказилди.  Куни кеча ҳар бир ҳудуддан ғолиб деб топилган 14 нафар иштирокчи ўртасида танловнинг Республика босқичи ўтказилди.

Танловда "SCIENCEWAY" мобил иловаси ва интернет сайтини яратиш бўйича презентацияси билан қатнашган “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқотлар университети қошидаги Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти талабаси Сафаров Ҳусниддин Сирожиддин ўғли 1-даражали, “Дўппи харита” номли мобил илова яратган тошкентлик 11-синф битирувчиси Нигматов Ислом Улуғбек ўғли 2-даражали, компютер хизматлари, реклама маркази очиш бўйича бизнес режа муаллифи Фарғона Давлат университети талабаси Тилаволдиев Муслимиддин Исоқжон  ўғли 3-даражали диплом билан тақдирланди. Ғолиблар ва танлов иштирокчиларига дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Бизнес режа муаллифлари ўз ҳудудларидаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларига бириктирилиб, ўз ишлари бошлашларига яқиндан кўмак берилади.

Лойиҳа иштирокчилари учун тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, бизнес режа тузиш, сармояларни жалб этиш ва солиқ мажбуриятлари ҳақидаги “Мен ҳам тадбиркор бўламан” номли амалий қўлланма ҳам ишлаб чиқилди.

М.Ярмуҳамедова, лойиҳа раҳбари.