“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар ва ташриф баёнларидаги топшириқлар ижросини ўрганиш натижасига бағишланган навбатдаги жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.

Унда вазирлик ва марказ  эксперт-мутахассислари, ҳуқуқшунослар, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги масъуллари,  Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда ННТ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилдики, Сурхондарё вилоятида бир қатор соҳаларда айрим камчиликлар мавжуд. Хусусан, ишсизлик нафақасидан 5,3 миллиард сўм қарздорлик аниқланган. Қарийб 8 мингга яқин ишсизлик нафақаси тайинланган фуқаролар июнь-сентябрь ойлари учун белгиланган ишсизлик нафақаларини олмаган. Шунингдек, 2021 йил июнь ойи учун 512 нафар фуқарога 346,2 миллион сўм, июль ойи учун 3 минг фуқарога 1,8 миллиард сўм, август ойи учун эса 2 минг 300 дан ортиқ фуқаролар учун 1,6 миллиард сўм миқдоридаги ишсизлик нафақалари қопланмаган.

Бунга жавобан, вилоят мутасаддилари ишсизлик нафақалари ва бошқа компенсация тўловларидан мавжуд қарзларни қисқа муддатда тўлиқ тўлаб бериши бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқилганлигини ва тез фурсатларда муаммо бартараф этилишини билдирдилар.

Шунингдек, вилоятда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги, бандлик ва таълим соҳаларида белгилаб берилган мақсадли кўрсаткичларни ошириш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини тўлиқ якунига етказиш,  электрон тизимларни самарали жорий этиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш бўйича ҳам мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди. 

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган жамоатчилик эшитувида мутасаддиларнинг йўл қўйилган камчиликлар юзасидан изоҳлари бўйича журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга жавоб олиниб, ижро интизомини таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.