Тадбирлар Урганч шаҳрида янги иш бошлаган “Дўстлик ва ННТлар уйи” нинг очилиш маросими билан бошланди.
Урганч шаҳри марказида фойдаланилмай турган иншоот жами 1 миллиард 300 миллион сўм эвазига тўлиқ реконструкция қилиниб, таъмирдан чиқарилди. Айни пайтда ушбу бинода вилоятда фаолият олиб бораётган татар, корейс, рус ва қозоқ миллий маданий марказлари ҳамда 20 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари иш бошлади. Шунингдек, бинода турли маданий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган зал, тил ўргатиш марказлари, рақс хонаси, компьютер тўгараги хонаси, тиббиёт ва дам олиш хоналари, корейс миллий маданий маркази томонидан ташкил этилган музей ҳамда ЎзННТМА Хоразм вилояти худудий бўлинмаси жойлашган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5430-сонли Фармони ижроси бўйича Парламент комиссияси, маҳаллий Кенгашларнинг ННТ масалалари бўйича доимий ҳамда ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг амалий самарадорлигини юксалтириш, халқ депутатлари кенгашларини доимий ҳамда ижтимоий шериклик комиссиялари фаолиятига услубий кўмак кўрсатиш, ННТларни ривожлантириш соҳасидаги долзарб муаммолар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга соҳани янада ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан очиқ мулоқот ўтказиш мақсадида маҳаллий давлат ва жамоат ташкилотларининг малакали мутахассислари билан ҳамкорликда сайёр қабул уюштирилди.
Жумладан, Адлия вазирлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси масъул ходимлари, давлат вакиллик органлари ҳузуридаги комиссиялар аъзолари, вилоят ҳокимлиги муттасаддилари ушбу қабулда бевосита иштирок этди.
Тадбирлар доирасида ЎзННТМА аъзолигига қабул қилинган 10 нафар вилоят ННТга аъзолик сертификатларини топшириш маросими ҳам ўтказилди.
“Учинчи сектор”ни янада ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг янги замонавий қиёфасини шакллантириш, жамиятда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг хилма-хил шакл ва механизмларини амалиётга жорий этиш, давлат органларининг халққа хизмат қилишининг аниқ чора-тадбирларига таклифлар ишлаб чиқилди.