Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси мажлислар залида Ассоциация раҳбарияти ҳамда Евроосиё фонди вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Евроосиё фонди вице президенти Роб О'Донован, Евроосиё фонди дастур мутахассиси Эндрю Син Костелло, Евроосиё фондининг Марказий Осиёдаги “Ижтимоий инновациялар” лойиҳаси раҳбари Азалия Даирбекова, Евроосиё фондининг Марказий Осиёдаги “Ижтимоий инновациялар” лойиҳасининг (SICA) Ўзбекистондаги консультанти Фархад Атажанов ҳамда Ассоциация Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев, Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Машарипов ва бош мутахассислар иштирок этишди.
Учрашувда ЎзННТМА ва Евроосиё фонди ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, Евроосиё фонди томонидан тақдим этиладиган грант танловларида иштирок этиш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Учрашув давомида ЎзННТМА ва Евроосиё фонди вакиллари ташкилотлар фаолияти бўйича маълумот беришди. Жумладан, Евроосиё фонди вице президенти Роб О'Донован Евроосиё Фонди асосан иккита: “Электрон ҳукумат” ва “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш” йўналишларидаги лойиҳаларни молиялаштиришини таъкидлади. Марказий Осиёда Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари билан фаол ишлаётганликларини билдириб ўтди.
Учрашувда, Евроосиё фонди вакиллари томондан Ўзбекистоннинг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” ва “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” алоҳида тилга олиниб, сўнги йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда ННТларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги амалга оширилаётган ишлар ижобий баҳоланди.
Шу билан бирга, Ассоциация республика миқёсида кўплаб ННТларни бирлаштирганлиги, бу эса ўзаро самарали ҳамкорликка туртки бериши Евроосиё фонди вакиллари томонидан эътироф этилди.
Ўз навбатида, ЎзННТМА раҳбарияти амалга оширилаётган лойиҳалар ва Ассоциация олдига қўйилаётган режалар бўйича маълумот бериб, икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик ижобий натижаларни олиб келишини таъкидлади.
Учрашув сўнгида томонлар ҳамкорликда Евроосиё фонди фаолиятига оид халқаро конференция ҳамда ННТлар салоҳиятини оширишга қаратилган тренингларни ташкил этишга келишиб олдилар.
ЎзННТМА Кенагши