Жорий йилнинг 7-10 апрель кунлари Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида “Ёшлар лидерлик Академиясининг “Умумий манфаатларни излаб” ёшлар фаолияти доирасида ўзаро тажриба алмашиш” мазусида туркум семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилди.

Тадбир ташкилотчиси Андижон вилоятидаги “Hamroh” нодавлат нотижорат ташкилотининг халқаро ҳамкори – “Search for Common Ground” (“Умумий манфаатларни излаб”) ташкилоти ҳисобланади.

Унда Қирғизистон Республикасининг барча ҳудудларида амалга оширилган “JashStan” лойиҳаси иштирокчилари ҳамда 20 нафар Ўзбекистон Республикаси делегацияси вакиллари, шу жумладан, Асака туманида амалга оширилган “YoshStan” лойиҳаси иштирокчилари, ЎзННТМА, Ўзбекистон волонтёрлар Ассоциацияси, “Юксалиш” УМҲ ходимлари ҳам иштирок этишди.

Тадбирнинг мақсади – икки мамлакат ёшлари ўртасида етакчилик, инклюзив бошқарув, тинчлик яратувчилик ҳамда маҳаллий ҳокимият бошқаруви органлари билан самарали ҳамкорлик масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашашдан иборат бўлди.

Уч кун давом этган семинарларда “YoshStan” ва “JashStan” лойиҳалари давомида амалга оширилган ишлар юзасидан тайёрланган “Муваффақиятлар тарихи” номли видеомурожаат муҳокамаси, ишбилармон доира вакиллари иштирокида СММ йўналишида маҳорат дарслари, “Лидерлик бўйича назария”, “Лидер қиёфаси” мавзуида видео кейслар таҳлили, ҳамкорлик бўйича қарорлар қабул қилиш, нетворкинг ва креатив ечимлар излаш мавзулари бўйича “ақлий хужум” машғулотлари  ўтказилиб, Kahoot иловаси орқали иштирокчилар кўникмалари аниқланди.

Шуннгдек, семинар иштирокчилари Ўш шаҳридаги диққатга сазовор масканлар, таълим муассасаларига ташриф амалга оширилди.

Семинарлар кутилгандек муввафақиятли амалга оширилди. Иштирокчилар ёшларга мўлжалланган турли ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, ёшларни фаолликка чақириш, янги-янги ташаббусларни илгари суриш бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширишди.

Якунда икки давлат ёшлар иштирокида яна турли ижтимоий лойиҳалар, семинарлар ўтказиш бўйича келишиб олинди ва “Ёшлар тинчлик ва тарақиёт учун” мавзусида флешмоб ўтказилди.