Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси масъуллари Ўзбекистон ННТларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида ғолиб бўлган ННТ вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон ННТларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида “Ёшлар –соғлом турмуш сари бирлашайлик” лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган (грант суммаси 70 млн. сўм) “Тараққиёт стратегияси” маркази вакили Жамшид Шарипов билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда лойиҳа доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ва келгуси режалар муҳокама қилинди.

—Аҳолининг узоқ умр кўриш давомийлигини таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Зеро, ушбу кўрсаткич инсонларнинг соғлом турмуш тарзи ва фаровон ҳаёти ифодасидир. Шу ўринда соғлом турмуш тарзи нима, унга амал қилиш меъёрлари қандай, каби саволлар туғилади. Лойиҳамиз доирасида мазкур саваолларга жавоб бўла оладиган ягона тизим яратиш режа қилинган. Бунинг учун аҳоли ўртасида ўрганишлар олиб борилади, тўғри овқатланиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш, турли юқумли касалликлардан ҳимояланиш каби масалалар бўйича соҳа мутаҳассисларини жалб қилган ҳолда тарғибот материаллари яратилади ва аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оммалаштиришга эътибор қаратилади, - дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази вакили Жамшид Шарипов.

Ҳозирда “Тараққиёт стратегияси” марказ томонидан лойиҳани амалга ошириш учун ишчи гуруҳ шакллантирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туризм ва спорт вазирлиги билан грант доирасида меморандум имзолаш учун барча ҳужжатлар тайёрланди.

Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, зарарли одатлардан йироқ бўлишлари учун спортга жалб этиш борасида ҳам тегишли вазирлик билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Учрашув давомида лойиҳани самарали амалга оширишда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди.