Бектемир туманида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ЎзННТМА, Бектемир тумани ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар «Mehr ko’zda» маркази ҳамкорлигида маҳалла фаоллари билан учрашув ташкил этилди. Унда «Mehr ko’zda» маркази нодавлат нотижорат ташкилоти ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилган «Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва  меҳнат фаоллигини ошириш орқали ролини кучайтириш» лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрининг Бектемир, Юнусобод,  Яккасарой ва  Яшнаобод туманларидаги 40 та маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож,  вақтинча ишсиз, турмуш шароити оғир хотин-қизлар ва ёшларга  ҳуқуқий, психологик, тиббий,  ижтимоий ва бизнес консультациялар бериш  ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Тадбирда “Mehr  ko’zda” маркази раҳбари М.Тошхўжаева сўзга чиқиб, 2020-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган “Ўзбекистонда аёлларнинг хуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик жамиятини кучайтириш” ижтимоий лойиҳаси ҳамда шу асосидаги  «Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва  меҳнат фаоллигини ошириш орқали ролини кучайтириш» лойиҳаси ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, мазкур ижтимоий лойиҳа Евроиттифоқ  ҳамда  Франциянинг Ўзбекистондаги АКТЕД агентлиги томонидан молиялаштирилган. Маърузачи лойиҳанинг мақсади ва вазифалари, амалга ошириш механизмлари, давлат органлари билан ижтимоий шериклик самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамиятида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва мавқеини ошириш йўли билан аниқ натижаларга эришиш, лойиҳанинг давомийлиги ва барқарорлигини таъминлаш,  халқаро ташкилотлар билан алоқаларни  мустаҳкамлаш борасида сўзлади.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, 2003 йилдан буён нодавлат нотижорат ташкилот шаклида фаолият юритиб келаётган “Mehr ko’zda” маркази 17 йиллик фаолияти  давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, ёшлар ва болалар билан ишлаб, уларга ҳуқуқий, психологик, тиббий ва ижтимоий кўмак бериб келмоқда. Хотин-қизлар ва ёшларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган бир нечта лойиҳалар амалга оширилди. Бу жараёнларда маҳаллий ва чет эллик ижтимоий ҳамкорлар билан фаолият юритишда  катта тажриба орттирилди.

Тақдимот тадбирида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Бектемир туман бўлими бошлиғи К.Норқулова ҳам сўзга чиқиб, жамиятда хотин-қизлар ва ёшларнинг ўрни ва ролини мустаҳкамлашда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда  амалга оширилиши лозим бўлган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди.  

Учрашувда тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга мурожаат этдилар.