Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларини “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га жойлаштириш учун тавсиянома бериш тартиби махсус Низомда белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, жойларда ЎзННТМАга аъзо ННТларга “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га жойлашиш имконини берувчи тавсияномалар топширилмоқда.
Куни кеча ЎзННТМА Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси томонидан ўн тўққиз нафар ННТларга замонавий, шинам, барча шарт-шароитларга эга бўлган “ННТ уйлари”дан бир йил муддатга беғараз шаклда фойдаланиш имконини берувчи тавсияномалар топширилди.
—“ННТ уйлари”дан жой олиш учун ЎзННТМА Кенгаши номига ариза билан мурожаат қилган эдик, мурожаатимиз беэътибор қолмади. Ҳар томонлама қулай бўлган мазкур уйда фаолиятимизни янада ривожлантиришга, ўз устимизда ишлашга, янги ижтимоий ташаббуслар билан чиқишга ҳаракат қиламиз, - дейди Қорақалпоғистон ногиронлар жамиятининг Нукус шаҳар бўлинмаси бошлиғи Гулнар Тасбаева.
Г.Жоллибекова,
ЎзННТМА Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси раҳбари