Бугун Тошкент шаҳрида “Sharq Ayoli” халқаро аёллар жамоат фонди, А.М.Горчаков номидаги Россия оммавий дипломатиясини қўллаб-қувватлаш Фонди хамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон ва Россия жамоат бирлашмаларининг фан, таълим ва маданият йўналишидаги фаолияти: тажриба, таклиф ва тавсиялар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Халқаро конференциянинг асосий мақсади икки давлат сектори интеграциясини ривожлантириш йўналишларини, конференсияда иштирок этувчи мамлакатларда ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш манбалари юзасидан муҳокамалар олиб бориш ҳамда Ўзбекистон ва Россия давлат секторлари ўртасида гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Конференция сессияларида маҳаллий ва ҳорижий экспертлар томонидан халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, халқаро муносабатларда “халқ дипломатияси”ни кенгайтириш ва бу борада жамоат бирлашмаларининг ролини ошириш масалалари юзасидан маърузалар қилинди.
Қайд этилдики, Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг янада мустаҳкамланишида, ижтимоий соҳалар, фан, таълим ва санъат йўналишларида ҳар икки мамлакат жамоат бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш ва бу мақсад йўлида ўзаро тажриба алмашиш энг долзарб масалалардан биридир.
Конференция ишида экспертлар томонидан мамлакатимизда фан, таълим ва маданият йўналишида фаолият юритаётган тажрибага эга жамоат бирлашмаларининг фаолияти таҳлил қилиниб, уларнинг бу борадаги илғор тажрибалари кенг эътироф этилди. Хусусан, халқаро ҳамкорлик ва халқ дипломатияси йўналишида фаолият юритаётган жамоат бирлашмалари халқаро эътирофга сазовор бўлди. Жумладан, “Sharq ayoli” халқаро аёллар жамоат фондининг Россия жамоат ташкилотлари ва Россия олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда гуманитар, таълим ва илмий лойиҳаларни амалга оширишдаги фаолиятидаги 23 йиллик тажрибаси тақдим этилди.
Таъкидландики, конференция ҳар икки давлат учун ҳам тенг манфаатли бўлиб, икки томонлама муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига, ҳар икки мамлакат манфаатларига бирдек таъсир қилувчи омиллар йўлида бирлашиш, иқтисодиёт, фан, таълим масалаларида қўллаб-қувватлаш каби узоқ муддатли муносабатларга хизмат қилади.
Тадбирда миллий тажриба ва халқаро амалиётдан келиб чиқиб, кўриб ўтилган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Халқаро конференция якунида Ўзбекистон ва Россия фуқаролик жамияти институтларининг халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича меморандум имзоланди.