Бугун Ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш марказида “Ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш маркази эришилган натижалар, истиқболдаги вазифалар ва ҳамкорликдаги режалар” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Дастлаб мазкур марказ фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Қайд этилдики, ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш маркази 2018 йилда ёш олим ва амалиётчилар томонидан ташкил этилган бўлиб, асосий мақсад, ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш борасида янги, илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига яқиндан ёрдам беришга қаратилган. Бугунги кунда марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида филиаллари фаолият юритмоқда.

2018 йилдан бугунги кунгача Марказ томонидан 10 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, мазкур лойиҳалар доирасида ҳудудни иқтисодий ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти тўғрисида электрон журнал яратилди, Хоразм вилоятида иқтисодий дастурларнинг ижроси мониторинг қилинди ва яна бир қатор ҳудудларни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган амалий ишлар олиб борилди.

Бундан ташқари, марказ томонидан БМТнинг тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Наманган ва Тошкент вилоятларида яшил иқтисодиётни ривожлантириш борасида лойиҳа амалга оширилди. Шу билан бирга, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан ижтимоий буюртма асосида Марказга грант ажратилди. Мазкур грант лойиҳаси доирасида, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида “Туризм бизнес инкубаторлари” ташкил этилади.

Давра суҳбатида сўз олган Марказ ходимлари 2022 йилга мўлжалланган дастурлар билан ҳам таништириб ўтишди. Жумладан, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган 15 та мавзуда илмий тадқиқот ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, 2022 йилда марказ томонидан тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда “Ҳудудларда яшил иқтисодиётни ривожлантириш” ва “Маҳаллий вакиллик органларини ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрнини ошириш” мавзуларида лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.  

Қолаверса, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш, ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишда ЎзННТМАга аъзо ННТларни жалб қилиш ва давлат ташкилотлари билан иш ташкил этиш тажрибаларини оммалаштиришга ҳам келишиб олинди.  

 

ЎзННТМА Матбуот хизмати.