Бугун  “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси савдо саноат палатаси ҳамда Халқ таълими Тошкент шаҳар бўлими ҳамкорлигида “Баркамол авлод – Ватан фахри” номли лойиҳаси доирасида ёш “академиклар”нинг илмий ишлари ҳимояси бўлиб ўтди.

2010 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур лойиҳа доирасидаги жорий йилги илмий ишлар ҳимояси Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтди. Унда “DIPLOMAT INTERNATIONAL SCHOOL” хусусий мактабининг 6-8 синф ўқувчилари иштирок этишди.

«Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» ва уни 2022 йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг таълим соҳасини ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш йўналишидан келиб чиқиб амалга оширилаётган мазкур  лойиҳа доирасидаги илмий ишлар ҳимоясида ўқувчилар биология, кибернетика, астрономия, география ва социалогиядаги ижтимоий муаммолар йўналишларида ўз тақдимотларини намойиш этишади.

Қайд этилдики, ҳар йили ушбу лойиҳа доирасида 6-11 синф ўқувчилари томонидан Экспертлар кенгаши аъзоларига 5-6 тагача ўқув ишларини тақдим этади. Ёш истеъдод эгалари нафақат чуқур билими, кенг дунёқараши, балки дарсликлардан ташқари илмий изланишга бўлган қизиқишларини ҳам намоён этиб келмоқда.

Ҳимояда ўқувчилар “Кибержиноят замонавий дунёга таҳдид сифатида”, “Кўп қиррали Япония”, “Галактикамиз сирлари”, “Қизиқарли эмбриология” ҳамда  “Ёлғизлик – замонамизнинг ижтимоий муаммоси” каби мавзулардаги “кичик диссертациялар”ини ҳимоя қилишди.

Ўқувчиларнинг чиқишларини соҳа вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи кузатиб борди ва савол-жавоблар асосида уларнинг билимларини баҳолашди.

Тадбир сўнггида ўқувчилар IT бўйича бепул курсларда таҳсил олиш учун йўлланма ҳамда махсус дипломлар билан тақдирланди.