2022 йилнинг 24 август куни Тошкент шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги” мавзусида Миллий форум бўлиб ўтади.
Мазкур мавзуда Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган Форумнинг мақсади – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида маслаҳатлашув ўтказиш амалиётини янада кенгайтириш.
Офлайн ва онлайн форматларда ўтказиладиган ушбу форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Миллий форумга Олий Мажлис аъзолари, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, шу жамладан, республикамизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари таклиф этилган.
Миллий форум тафсилотлари ва у билан боғлиқ хабарлар расмий веб-сайтимиз www.ngo.uz ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали ёритиб борилади.