Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан "Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қонун, қарор ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш юзасидан таклифлар киритиш тартиби” мавзусида Тошкент вилоятидаги ННТлар вакиллари учун семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида” ги Қонуни мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Семинар-тренинг ишида соҳанинг ҳуқуқий базаси билан бирга “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳасига киритилаётган нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантиришни кўзда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.

Ўз навбатида, тадбир қатнашчилари нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришда келгусида амалга ошириладиган ишлар, режалар борасида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Бош қомусимизга фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи таклифларини билдиришди.

Семинар-тренинг қизғин, очиқ муҳокама руҳида ўтди.

Тадбир сўнггида ЎзННТМА Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси сафига қабул қилинган ҳудудда фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.

ЎзННТМА Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси