Мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган 5 йил мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинди.
Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Сўнгги беш йиллик ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.
«Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида еттита устувор йўналиш, 100 мақсаддан иборат 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилинди.
Жорий йил 4 февраль куни Бухоро шаҳридаги "ННТ ва дўстлик уйи"да Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси мазмун моҳияти тарғиботига бағишланган тақдимот учрашуви ташкил этилди. Тақдимот учрашуви ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси ва "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлими ҳамкорлигида амалга оширилди. Учрашувда фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишиб, Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича 2022 йил амалга ошириладиган чора-тадбирларда фаол иштирок этиш бўйича ўз таклифларини илгари суришди.
Тадбир давомида ЎзННТМАга аъзо бўлган ННТларга аъзолик гувохномалари ҳам топширилди.
ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси.