Сўнгги йилларда киберспорт (компьютер ўйинлари) жаҳон миқёсида оммалашиб бормоқда. 2018 йилда киберспорт расмий спорт турлари реестрида юзинчи спорт тури сифатида тан олинди, ҳозирда уни Олимпия ўйинларига ҳам киритиш ҳаракатлари бошланган.
Мамлакатимизда ҳам мазкур сопт ривожига катта қизиқиш билдирилмоқда. Масалан, бундан 5 йил олдин Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси ташкил этилди.
Мазкур федерация томонидан 2017 йил Ўзбекистонда биринчи марта киберспорт бўйича халқаро турнир ташкил этилди. Соврин жамғармаси 5 минг АҚШ доллари бўлган турнирда дунёнинг энг кучлилари иштирок этишган эди.
Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси мазкур ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан жорий йил эълон қилинган грант танловида “IT ва киберспорт йўналишларини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш” лойиҳаси билан иштирок этиб, 70 млн. сўм миқдоридаги грантни қўлга киритди.
Бугун мазкур лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш бўйича илк қадамлар ташланди. Пойтахтимизда киберспорт бўйича Республика мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси туризм ва спот вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.
Жаҳон стандартлари асосида ташкил этилган ушбу мусобақанинг саралаш босқичида 15 мингга яқин киберсопрт иштиёқмандлари иштирок этишди. Республика босқичида эса, ёшлар жамоаларга бирлашган ҳолда, 5 та йўналиш бўйича ўзаро беллашдилар.
Ўзгача муҳит ва ўзгача шижоат билан ўтган мусобақаларда ҳар йўналишда ғолиб жамоалар аниқланиб, ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур ғолиб жамолар келгусида компьютер ўйинлари бўйича мамлакат терма жамоасига қабул қилиниб, халқаро мусобақаларда иштирок этиш имконияга эга бўладилар.