2022 йил 25 февраль куни Адлия вазирлиги томонидан “Стратегик ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш: якуний таҳлил ва янги чақириқлар” мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди.
Анжумандан кўзланган мақсад, стратегик ислоҳотларнинг ҳуқуқий таъминлашни якуний таҳлил қилиш, шунингдек 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижроси доирасида юридик ҳамжамият олдида турган янги вазифа ва чақириқларни муҳокама қилишдан иборат.
Тадбирда Буюк Британия, Хорватия, АҚШ дан хорижий экспертлар, шунингдек БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили (UNDP), Европа Иттифоқи (EU) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари маъруза қилдилар.
“Тараққиёт стратегияси” маркази, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтидан экспертлар миллий ҳуқуқ тизимининг ривожланиши ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида маълумот бердилар.
Анжуман иштирокчилари диққат эътиборига сўнгги беш йил давомида норма ижодкорлиги соҳасида миқдор ва сифат ўзгаришларига, шунингдек 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан ўзбек ва инглиз тилларида тайёрланган “Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш: Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” номли тўплам тақдимоти ташкил этилди.
Анжуманда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган даврда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 300 га яқин қонун, 4 мингдан ортиқ Президент ҳужжатлари қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтилди.
Қабул қилинган барча ҳужжатлар ишлаб чиқиш босқичида Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Норма ижодкорлиги бўйича фаолликнинг ошишига қарамасдан, замонавий рақамли технологияларнинг жорий этилиши стратегик ислоҳотларни сифатли ва ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб бориш учун барча зарур шарт-шароитларни яратди. Хусусан, ўтган давр мобайнида Project.gov.uz, E-qaror.gov.uz, Regulation.gov.uz, Lex сайтларини ишга тушириш ва модернизация қилиш орқали норма ижодкорлиги жараёнининг деярли барча босқичлари электрон шаклга ўтказилди.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси еттита устувор йўналишлардан иборат бўлиб, мамлакатимиздаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва модернизация қилишга оид аниқ мақсадлар (жами 100 та мақсад) белгиланган.
Манба: Адлия вазирлиги