Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида UNODC – United Nations Office on Drugs and Crime халқаро ташкилоти томонидан “Муҳим шериклик, муҳим ютуқлар: ОИТС ва соғлиқни сақлаш муаммоларига янада самарали жавоб бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг ҳамкорлиги” мавзуида Минтақавий консултацияси ташкил этилган эди.
Унда халқаро экспертлар қаторида юритимиз вакиллари, хусусан Ўзбекистон Республикасидан UNODCнинг Ўзбекистондаги вакили Соипова Машҳура, ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлим бошлиғи Исламбекова Регина, “Интилиш” ННТ раҳбари Никитина Татьяна ҳамда ЎзННТМА раиси биринчи ўринбосари Б.Машариповлар қатнашди.
Тадбирда асосий эътибор Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакилларини тўплаш, бугунги кунда мамлакатлар дуч келаётган муаммоларга, яъни ОИТС эпидемияси ва коронавирус инфекциясига, янги психоактив моддаларнинг тарқалишига жавоб беришда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ролини кучайтириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш сектори ҳамда фуқаролик жамияти ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш, қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилди.
Конференция доирасида ОИТСга қарши курашда олинган сабоқларни, муваффақиятли ва муваффақиятсиз стратегияларни ўрганиб чиқиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш сектори ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва шерикликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ОИТСнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ролини кучайтириш бўйича "кейинги қадамлар"ни (минтақавий ва мамлакат миқёсида) муҳокама қилиш, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари учун иш жойидаги меҳнатни муҳофаза қилиш ва иш хавфсизлиги бўйича онлайн курсни ишлаб чиқиш ва уларни қайта йўналтириш схемалари алгоритмини ишлаб чиқиш ва уларни ИИВ академиялари ўқув дастурларига киритиш масалалари бўйича алоҳида тренинглар ташкил этилди.