Андижон шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да вилоят адлия бошқармаси ва ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда жамоат ташкилотларининг роли” мавзусида давра сухбати ўтказилади.
Мазкур тадбирда вилоятдаги хотин-қизлар билан бевосита ишловчи ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-146-сон Қарори ҳамда 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сон Фармони мазмун-моҳиятига бағишланди.
Қайд этилдики, “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, қишлоқ жойларидаги аёлларни касбга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ва иш билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 2023 йилдан бошлаб, ҳар йили нодавлат ташкилотларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 минг баравари миқдоригача грантлар бериш учун Давлат бюджетидан камида 50 миллиард сўм Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратилади ва туман (шаҳар) сектор штаблари жойлашган биноларнинг камида биттадан хонасида ўқув курсларини ўтказиш учун зарур шароитлар яратиб берилади.
Мазкур ишларни тизимли амалга ошириш, аҳолини, айниқса, хотин-қизларни касбга йўналтириш ва уларнинг бандлигини таъминлашда ННТларнинг ҳам роли муҳимлиги алоҳида қайд этилди.