Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан, Ассоциация Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзоларининг грант лойиҳаларида самарали иштирокини таъминлашга қаратилган амалий семинар тренинг бўлиб ўтди.

Тренингда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини ижтимоий лойиҳалар ва давлат буюртмаларини бажаришда янада фаолликка чорлаш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг соҳага оид билим ва кўникмаларни янада бойитишга эътибор қаратилди.

Малакали мутахассислар томонидан ўтказилган тренингларда иштирокчилар ННТлар фаолиятига оид қонунчилик ва маҳаллий ҳокимият идоралари билан ҳамкорлик йўналишлари, грант ва ижтимоий буюртма олиш, лойиҳаларни амалга ошириш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этиш, лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш, ҳисоботларни юритиш, ички назорат қилиш тартиблари, ННТлар раҳбарлари ва ходимларининг иш фаолиятини самарали бошқариш, инсон ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби мавзуларда маърузалар тинглаб, гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулотларни бажаришди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан уларни қизиқтирган масалалар юзасидан қизғин муҳокама ва савол-жавоблар бўлиб ўтди.