Бугун юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги ўрни тобора ортмоқда. ННТлар соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, уларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ амалга ошириши учун самарали ҳуқуқий тизим яратилиб, давлат органларининг ННТлар билан ўзаро ижтимоий ҳамкорлик механизмлари янада такомиллаштирилмоқда. 

ЎзННТМА Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган навбатдаги семинар ҳам ННТларнинг ўз фаолияти доирасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга грант лойиҳаларини ёзиш тартиблари борасида амалий тавсиялар, услубий кўрсатмалар бериш мақсадида ташкил этилди.

Нурафшон шаҳридаги “ННТ ва дўстлик уйи”да ўтказилган семинарда ЎзННТМА Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди ходимлари, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Тошкент вилояти ҳамда жамиятнинг туман ва шаҳар бўлинмалари ходимлари иштирок этишди.

Ўқувда сўзга чиққан тадбир ташкилотчилари сўнгги йилларда юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бораётганига эътибор қаратишди.

НТТ ларнинг ривожланишида “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти эркинлигининг кафолотлари “ тўғрисидаги Қонун муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди. “ННТ Кодекси”нинг қабул қилиниши билан соҳада юзага келадиган имкониятлар кўлами ҳақида тўхталишди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Республика байналмилал маданият маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ташкил топиши билан соҳанинг институционал базаси ҳам шакллантирилгани тўғрисида фикр юритишди.

Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги давлат сиёсати нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беришга йўналтирилганига алоҳида урғу беришди.

Ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига, танлов асосида ННТга бериладиган пул маблағлари ва моддий ресурслар ҳисобланган давлат гранти лойиҳаларини ёзишнинг тартиб-қоидалари борасида амалий тавсия ҳамда услубий кўрсатмалар беришди.

Шунингдек, грант лойиҳаларини ёзиш ва унда белгиланган мақсадларни бажариш жараёнида қайси жиҳатларга эътибор қаратиш, лойиҳа доирасида иш олиб бориш, ҳужжатлаштириш ва ҳисоботларни тайёрлаш борасида ҳам маълумотлар беришди.

Семинар иши якунида ҳудуддаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақоми ва ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасидаги имиджини шакллантириш, фаолиятини тарғиб қилиш борасида тегишли кўрсатмалар ишлаб чиқилди.

ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ишида кенг жамоатчиликни жалб қилинишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.