Тошкентда Халқаро мунозара клубининг “Демократлаштириш, фаол фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги” мавзусида навбатдаги сессияси ташкил этилди.

Маҳаллий ва хорижий экспертлар очиқ мунозара шаклида жамиятни демократлаштириш, ислоҳотлар жараёнига фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилишнинг замонавий тенденциялари, инсон ҳуқуқларини илгари суришнинг илғор тажрибалари, фуқаролик жамиятини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Сессияларда “Демократлаштириш жараёнида фуқаролик жамиятининг роли: чақириқлар ва имкониятлар” мавзуида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раҳбари К. Ишанходжаев ҳам нутқ сўзлаб, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмларининг такомиллашуви, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти бўйича қонунчиликда сезиларли даражада либераллаштириш жараёнлари бошланганлигини қайд этди.

Масалан, жамоат ташкилотлари фаолиятини чекловчи бюрократик тўсиқлар олиб ташланди. ННТларнинг хориж грантларини олишида ва улардан фойдаланишида тўсиқлар йўқ. ННТ ва рўйхатдан ўтказувчи орган ўртасидаги тадбирларни мувофиқлаштириш тартиби бекор қилинди. ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи ставкалари 5 бараварга, солиқ юки 2 бараварга камайтирилди. Фуқаролик жамияти институтларига давлат томонидан бериладиган субсидиялар ва грантлар сўнгги тўрт йил ичида 4 баравар ошди.

Сессия якунлари бўйича давлат ва нодавлат секторлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, замон талабларига ўз вақтида ва унумли жавоб беришда фуқаролар иштирокини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси кўмагида ўтказилди.

Манба: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати