Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзоларининг грант лойиҳаларида самарали иштирокини таъминлашга қаратилган амалий тренинг бўлиб ўтди.
Тренингда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги
ПҚ-6181-сонли Фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини ижтимоий лойиҳалар ва давлат буюртмаларини бажаришда янада фаолликка чорлаш ҳамда ННТлар вакилларининг соҳага оид билим ва кўникмаларни янада бойитишга эътибор қаратилди.
Қайд этилдики, “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармонида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибини соддалаштириш, қолаверса, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратиладиган маблағларни босқичма-босқич ошириб бориш, хусусан, 2025 йилда 70 млрд. сўмгача олиб чиқиш ҳамда ажратилаётган маблағларни устувор равишда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, бандлик, ижтимоий хизматлар, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги каби соҳаларда муаммоларни ҳал этиш учун ижтимоий буюртмаларга йўналтириш белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, ўтган йили ННТларининг лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ЎзННТМА қошидаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан умумий қиймати 8,5 миллиард сўмлик биринчи грант танлови эълон қилинди.
Унда 375 та ННТлари иштирок этиб, якунда 120 таси ғолиб бўлди. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, мазкур грант танловида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган ННТларнинг иштироки нисбатан кам эканлиги кўзга ташланди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йилда ЎзННТМА томонидан ННТларни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳага оид билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган махсус чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2022 йил учун эълон қилинадиган грант танловларини республика бўйлаб кенг тарзда тарғибот қилиш режалаштирилган.
Вилоятдаги “ННТлари ва дўстлик уйи”да ўтказилган амалий тренингда соҳа вакиллари қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида малака ошириб, ЎзННТМАнинг тренерлар штаби аъзолигига қабул қилинган ҳамда ўтган йилги грант танловларида ғолиб бўлган вилоятдаги тажрибали ННТлари раҳбарлари жалб этилди. Машғулотлар давомида уларнинг ижтимоий лойиҳалар билан ишлашдаги тажрибаси ва иш ташкил этиш усулларини оммалаштиришга эътибор қаратилиб, вилоятдаги ННТлар грант танловларида фаол иштирок этишга чақирилди.
Малакали мутахассислар томонидан ўтказилган тренингларда иштирокчилар ННТлар фаолиятига оид қонунчилик ва маҳаллий ҳокимият идоралари билан ҳамкорлик йўналишлари, грант ва ижтимоий буюртма олиш, лойиҳаларни амалга ошириш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этиш, лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш, ҳисоботларни юритиш, ички назорат қилиш тартиблари, ННТлар раҳбарлари ва ходимларининг иш фаолиятини самарали бошқариш, инсон ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби мавзуларда маърузалар тинглаб, амалий машғулотларни бажаришди.
Тадбир сўнггида ЎзННТМАга аъзо бўлган ҳудудий ННТларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.