Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ННТларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Қайд этилдики, 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, соҳага оид янги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг муаммоларини ўрганишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда ушбу муаммолар ечимига бағишланган тадбирлар ва анжуманларни ташкил этиш белгилаб олинган.
Шундан келиб чиқиб, ўтган йили Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциация томонидан 50 нафар ННТлар раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малакаси оширилди. Жорий йилда эса, 100 нафар ННТ раҳбарлари нинг малакасини ошириш режалаштирилган.
Бу билан чекланиб қолмай, Республика бўйлаб, барча ННТлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, улар учун қисқа муддатли курслар ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Меморандум доирасида соҳани янада такомиллаштириш механизмлари ва методларини ишлаб чиқиш, таълим жараёнига илғор педагогик ҳамда инновацион технологияларни жорий этишга кўмаклашиш, ҳуқуқ тизими, фуқаролик жамиятини такомиллаштириш борасида тажриба алмашиш режа қилинган.
Коструктив мулоқот тарзда ўтган тадбир давомида Юристлар малакасини ошириш маркази билан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат
ташкилотлари миллий ассоциацияси