Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан “Конституциявий ислоҳотлар ва фуқаролик жамияти институтлари: таклиф ва тавсиялар” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирнинг мақсади – Олий Мажлис палаталари кенгашлари томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалара киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзоларининг фуқаролик жамияти институтлари, академик ҳамжамият, таҳлилий марказлар вакиллари билан “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар борасидаги навбатдаги очиқ мулоқотини ташкиллаштириш, уларнинг аниқ таклиф ва тавсияларини жамлаш.
Зеро, “Халқ – қонун ижодкори” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш Конституциявий комиссия фаолиятининг бош меъзонларидан биридир.
Таъкидландики, бугунги кунда умумхалқ орзуси, истаги, мақсадини рўёбга чиқаришга йўналтирилган конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ғояси том маънода халқимизнинг барча табақалари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Конституцияни такомиллаштириш бўйича кенг жамоатчилик томонидан Конституциявий комиссияга ҳар соатда келиб тушаётган кўплаб амалий таклифлар ҳам бундан далолат беради.
Конституциявий комиссия таркибида барча ҳудудлардан депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, жумладан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа экспертлар фаол ишламоқдалар.
Шу жумладан, мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари Конституцияда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини ошириш, фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш борасида ўз таклиф ва тавсиялари билан чиқишмоқда. Хусусан, ислоҳотлар жараёнида инсон қадри, ҳуқуқлари ва қонуний эзгу-манфаатларини таъминлаш, “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, миллатлараро тотувликни ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш, ногиронлар, ёшлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва экологияга оид масалаларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасидаги таклифлар илгари сурилмоқда.
Тадбир иштирокчиларининг фикрича, айни дамда “фуқаролик жамияти” – конституциявий давлатнинг ажралмас атрибути (унинг мақсади) ҳисобланган ижтимоий жамиятнинг идеал стандарти эканлигини таъкидлаш муҳим. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фундаментал асари ҳисобланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидаги “Халқ қабулхоналари”га конституциявий мақом бериш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, шунингдек, халқ манфаатларига хизмат қилувчи “Халқчил давлат” миллий дастурларини тасдиқлаш каби ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш – устувор вазифалар эканлиги алоҳида эътироф этилди.
—Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Конституциявий ислоҳотлар тарғиботига бағишлаб жойларда ўтказилган тадбирлар давомида ННТлар вакиллари ва фуқаролардан юздан ортиқ таклифлар келиб тушди, - дейди Б.Машарипов ЎзННТМА Кенгаши раиси ўринбосари. —Таклифларда асосан фуқаролик жамиятини ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, таълим соҳасини ривожлантириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш ва бошқа ижтимоий масалалар ўрин олган. Биз ассоциация вакиллари мазкур таклифларни саралаб, ўрганиб чиқдик, бугунги тадбирда ҳам ННТ вакиллари ўз таклифлари билан иштирок этишяпти, уларни ҳам умумлаштириб Конститутциявий комиссияга тақдим этамиз.
Бевосита тадбир жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ННТлар вакилларининг фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда ижтимоий йўналишдаги таклифлари тингланди.
Билдирилган ҳар бир таклиф тадбир иштирокчилари томонидан муҳокама этилди, уларнинг ҳуқуқий асосолари, қонунчиликка мослаштириш масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Ҳуқуқшунослар, олимлар, тажрибали ННТ вакиллари муҳокамасидан ўтган таклифлар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга тақдим этилди.
ЎзННТМА Матбуот хизмати