Андижонда ННТларнинг грант лойиҳаларида самарали иштирокини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш масалаларига бағишланган онлайн семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳамда Ассоциациянинг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинар-тренингда ЎзННТМА Кенгаши раиси К.Ишанходжаев, вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси аъзолари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди, вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.  

Семинар-тренингда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини муҳим ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар ва давлат буюртмаларини бажаришда янада фаол иштирокини таъминлаш, мазкур тизим вакилларининг билим, кўникма ва тажрибаларини ошириш хусусида атрофлича сўз юритилди.  

– Мамлакатимизда кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов. – Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” нинг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган биринчи йўналишида мазкур йўналишдаги муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан, келгуси беш йилликда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш, уларнинг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни ривожига қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишдаги хорижий тажрибаларни ўрганиш, юртимиз шароитига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.  

Семинар давомида малакали мутахассислар томонидан маърузалар ўқилди. Иштирокчилар ННТлар фаолиятига оид қонунчилик ва маҳаллий ҳокимият идоралари билан ҳамкорлик йўналишлари, грант ва ижтимоий буюртма олиш, лойиҳаларни амалга ошириш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этиш, лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш, ҳисоботларни юритиш, ички назорат қилиш тартиблари, шунингдек, хорижий донорлар билан ишлаш, ННТлар раҳбарлари ва ходимларининг иш фаолиятини самарали бошқариш, мавжуд ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий машғулотларда иштирок этди.  

Иштирокчилар томонидан ННТлар олдида турган муҳим вазифалар, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва натижадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА