Бугун жонажон Ўзбекистонимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштирилиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш йўналишида фаолият юритувчи турли фуқаролик жамияти институтларининг самарали ишлаши учун зарур бўлган шароитлар яратиб берилмоқда.

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ўтказилаётган форумда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси масаласига ҳам эътибор қаратилаётгани бизнинг жамиятимиз сингари ташкилотларнинг атрофида уюшган имконияти чекланган аъзоларига эртанги кунга ишонч, ўзининг ёруғ келажагини қуришга катта мотивация берди.

Форумда қатнашиб, тегишли давлат органлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, меморандум ва бошқа шаклдаги ҳужжатларни имзолаш, ўзаро ахборот алмашиниш орқали ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишда самарали натижага эришамиз, деган умиддамиз.

Бизнинг “Дугоналар” ногирон аёллар жамиятимиз ҳам юртимизда имконияти чекланган шахслар билан тизимли ишлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун қатор шароитлар яратиб бериш, уларни соғломлаштириш хусусиятидаги амалий ишлар кўламини тобора орттириш, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, имконияти чекланган аёлларни касб-ҳунарга йўналтириш соҳасида фаолият юритади. 

Хусусан, жамиятимиз 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан эълон қилинган 30 000 000 сўмлик грант лойиҳасида ғолибликни қўлга киритиб, мазкур маблағни имконияти чекланган аёлларга тикувчилик ҳунарини ўргатиш мақсадида сарфлади. Дастлабки 3 ойда марказ томонидан ташкил қилинган ўқув курсида 15 нафар аёл бепул ўқитилди. Ва касбга йўналтирилиб, ўз мустақил фаолиятини бошлашида амалий ёрдам берилди.

         2021 йилда ЎзННТМА томонидан эълон қилинган “Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш” йўналишидаги 70 000 000 сўмлик грант лойиҳаси ажратган маблағ эвазига Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, имконияти чекланган хотин-қизларни соғломлаштириш марказини ишга туширдик.

Юртбошимизнинг 2022 йил 1 мартдаги ПФ-81-сонли “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳудудларда, айниқса, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, хотин-қизлар йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига ёрдам кўрсатиш белгиланганидан келиб чиқиб, жамиятимиз ҳузурида имконияти чекланган хотин-қизларнинг саломатликларини тиклашда яқиндан кўмаклашадиган аёллар соғломлаштириш марказини ташкил этдик.

Фикримча, биз имконияти чекланган опа-сингилларимизга касб-ҳунар ўргатиб, соғломлаштирибгина қолмасдан уларнинг бу борадаги ҳуқуқларини амалга оширишларида ҳам кўмаклашдик. Имконияти чекланган бўлишларига қарамасдан, бошқалар билан тенг шароитларда муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқига эга эканини англашларида кўмакчи бўлдик.

Бу ютуқларга албатта, давлат органлари билан самарали ижтимоий шериклик қилганимиз туфайли эришдик.

ННТлар ва давлат органларининг ўзаро баҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Миллий форумдан умидимиз катта.

Шахноза Мустафаева,

“DUGONALAR” ногирон аёллар жамияти раиси