Аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка жалб қилишда нафақат давлат ташкилотлари, балки нодавлат ташкилотлар ҳам анчайин фаол.
Биргина мисол, нодавлат нотижорат ташкилот шаклида ташкил этилган Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази республикада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ифода этиш ва қонуний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, стартап лойиҳалар тузишда кўмаклашиш мақсадида ўтган давр мобайнида ҳудудий хусусиятлардан келиб чиқиб, турли хил мавзуларда Республика даражасида 200 дан ортиқ амалий мулоқотлар, вилоятлар кесимида 330 га яқин семинар ва учрашувлар ташкил этган.
Марказ ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали, уларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси қошидаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловининг “Ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” йўналишида “Мен ҳам тадбиркор бўламан” деб номланган лойиҳа билан иштирок этиб, 70 млн. сўм миқдоридаги грант маблағини қўлга киритди.
Бугун мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Ёшлар қаноти” билан ҳамкорликда онлайн ва офлайн тарздаги тадбиркорликка оид ўқув-семинарлари бошланди. Унда республиканинг барча вилоятларидан тадбиркорликка қизиқиши бўлган элликдан ортиқ ёшлар онлайн иштирок этишган бўлса, O’zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг пойтахтлик вакиллари семирада бевосита иштирок этиб, соҳага оид билимларини бойитдилар.
Семинарда стартап лойиҳаларни тузиш, уларни молиялаштириш, соҳага оид ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш тўғрисида мутаҳассислар батафсил маълумот беришди.
3 кун давом этадиган ушбу семинар якунида келгусида ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар тажрибали тадбиркорларга бириктирилиб, иш бошлашлари ва уни муваффақиятли давом эттиришлари учун яқиндан кўмаклашилади.