Фуқаролик жамияти ижтимоий муносабатларида ижтимоий шериклик бирмунча мураккаб жараёнларни ўзида мужассам этади. Ижтимоий шерикликни турли нуқтаи назарларда ифодалаш мумкин. Тор доирада у фақат меҳнатга оид муносабатларнинг алоҳида тури ҳисобланади. Кенг маънода эса ижтимоий гуруҳларнинг ўзаро махсус ҳамкорлиги бўлиб, турли соҳаларда, жумладан, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ва маданий дастурларни амалга ошириш, ўзаро манфаатдор ҳамкорликка асосланган ижтимоий-ҳуқуқий жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланишда жамоат ташкилотлари иштирокини кенг таъминлашдан иборатдир.
Шунингдек, ижтимоий шериклик ижтимоий жараёнларда давлат билан жамоат ташкилотларининг аниқ шериклик муносабатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишга асосланган замонавий жараёндир. Жамиятимизда бугун катта ижобий ўзгаришлар, ривожланиш ва барқарор тараққиёт жараёни кетмоқда. Инсон манфаатлари учун ўта муҳим бўлган дастур ва чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Лекин шундай шароитда ҳам жойларда бирмунча муаммолар ва ислоҳотларни олиб боришга турли тўсиқлар учрайди. Барқарор тараққиёт йўлига тўғаноқ бўладиган иллатларни енгиб ўтиш, уларни бартараф этиш ва олдини олиб бориш жамиятда турли муҳим ижтимоий муносабатларни рўёбга чиқариш, давлат ва жамоатчилик институтлари ўртасида мустаҳкам алоқаларни таъминлаш муҳим бўлиб, бу жараёнда ижтимоий шериклик алоҳида ўрин тутади. Ушбу соҳа жамиятда миллий иқтисодиётнинг ривожланиши, давлат миқёсида ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган турли ижтимоий лойиҳалар, дастур ва чора-тадбирларнинг амалиётга жорий этилиши, инсон ҳаёт фаравонлигини таъминланиши, жамият ҳаётида мавжуд бўлган муаммоларни ҳам ҳал этиб борилишида муҳим аҳамиятга эгалиги билан эътиборга молик.
Ҳокимликлар масъулияти ортмоқда
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида қуйидагича таъриф келтирилган: “Ижтимоий шериклик — давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг хуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир”.
“Нодавлат нотижорат ташкилоти” тушунчаси бугун юртимиз аҳолисининг кенг қатламига яхши таниш. Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти ривожида муҳим ўрин тутадиган мазкур институт ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, ННТнинг энг чекка ҳудудлар ҳаётига ҳам дадил кириб бораётгани, фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларига яқиндан кўмаклашаётгани диққатга сазовор.
Бугун ҳудудларни ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки бошқача айтганда, барча бўғиндаги ҳокимликларнинг масъулияти тобора ортмоқда. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг зиммасига янгидан-янги вазифаларни юкламоқда.
Ижтимоий шериклик механизми
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, ижтимоий шериклик, марказда ҳамда жойларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда жамоатчилик иштирокининг ташкилий-ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Ижро ҳокимиятининг вакиллик органлари олдида ҳисобдорлиги тамойили Конституция ҳамда қонунларда мустаҳкамлаб қўйилди. Сиёсий ислоҳотлар билан бир қаторда, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар юз берди. Ҳозирги пайтда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўз штат ходимларига, молиялаштириш манбаларига ҳамда моддий-техника базасига эга эмас. Натижада, маҳаллий Кенгашлар фаолияти ҳудуд раҳбарлари ва ҳокимиятлар ходимларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу эса улар томонидан ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш, ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ўз ваколатларидан унумли фойдаланишга салбий таъсир кўрсатади. Кўриниб турибдики, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқишда фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Бунда ижтимоий шериклик механизмидан унумли фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси, бюджетни режалаштириш, бош режа сингари долзарб масалаларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга оширишга жалб этишнинг мажбурий механизмини аниқ белгилаб олиш зарур.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда халқ билан самарали мулоқотга асосланган янги шакли жорий қилинди. Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилгани ва бунга ҳудудларда тажрибага эга молия-иқтисодиёт сектор ходимлари тайинланганлиги муаммони манзилли аниқлаш ҳамда ўз вақтида тегишли чоралар кўришни таъминлайди. Худди шу йўналишда айнан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам фаолият кўрсатиши жойлардаги тизимли вазифаларни биргаликда ҳал этиш имконини беради.
Хулоса ўрнида
Демократик жамият шароитида ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда тармоқ ва ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигини таъминланлаш ҳудудлар кўламида ижтимоий-сиёсий вазиятни янада барқарорлаштириш, хусусан уларнинг моддий шароитларини яхшилаш ва бошқа бир қатор ижтимоий муаммоларини ҳал этишда ҳокимият билан ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган.
Сарвар МАМАНОВ,
Ўзбекистон ННТ миллий ассоциацияси “Ҳудудий бўлинмалар ва аъзолар фаолиятини мувофиқлаштириш”
бўлими бошлиғи