Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясида KOICA (Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги) KCOC (Хориждаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Корея ННТлари Кенгаши), Global Civic Sharing ташкилотлари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор Кореядаги ННТлар билан ҳамкорлик йўналишларини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, келгусида ННТлар вакилларини ўқитишга қаратилди.
Учрашувда KCOC вакили Ж.Шин сўзга чиқиб, Кореядаги ННТлар, уларнинг фаолият йўналишлари, халқаро ҳамкорлик бўйича дунёнинг турли давлатларида амалга ошираётган лойиҳалари, ННТларнинг молиялаштириш манбалари, шунингдек, Ўзбекистонда ҳамкорлик асосида лойиҳаларни амалга ошириш масалалари борасида ўз фикрини билдирди.
Global Civic Sharing ташкилотидан вакили Х.Чо эса, ўз ташкилоти фаолияти билан таништириб ўтди. Global Civic Sharing ташкилоти ҳам КСОСнинг аъзоси бўлиб, ташкилот асосан таълим соҳаси ва даромад топиш соҳалари билан шуғулланиб келади. Ташкилот асосан Эфиопия, Кения, Руванда, Ветнам, Таиланд, Мьянма давлатларида фаолият олиб боради. Фаолият йўналишлари сифатида аёллар, болалар, экология йўналишларини санаб ўтди.
Учрашув давомида ЎзННТМА Кенгаши биринчи ўринбосари Б.Машарипов Ўзбекистондаги ННТлар ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, ҳозирда ННТлар фаолиятида дуч келаётган масалалар ва уларни бартараф этиш чораларини биргаликда амалга оширишни таклиф қилди.
Учрашув сўнгида, КСОС ва Global Civic Sharing ташкилотлари ЎзННТМА билан ўзаро фикр алмашиш ҳамда келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди, қолаверса, турли йўналишларда ҳар икки томонга ҳам манфаатли бўлган лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Б.Зиятов,
ЎзННТМА Кенгаши бош мутахассиси