Бугун ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида Конституциявий ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қўшимча ва ўзгартириш киритиш юзасидан бошланган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш ва таклифлар билдиришда фаол иштирок этишга чорлашдан иборат.
Қайд этилганидек, бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар, жамиятимизнинг шиддатли тараққиёти Бош қомусимизни бугунги реал воқеликка, кечаётган демократик янгиланишларга мослаштиришни, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратишни муҳим вазифага айлантирмоқда. Шу сабабли, мамлакатимизда ушбу муҳим конституциявий ислоҳотлар жараёнига киришилди.
Сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Асосий қомусимизга қўшимча ва ўзгартириш киритишда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ННТларнинг иштироки муҳим эканлигини қайд этиб, киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришларнинг долзарб жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, йиғилишда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилганлиги қайд этилиб, мазкур комиссия олдига қўйилган мақсад ва вазифалар, тамойиллар, конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид чораларни кўриш механизмлари атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилиш даомида вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича ўзларининг аниқ таклифларини ҳам билдиришди.
ЎзННТМА Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси.