Аввал хабар қилганимиздек, жорий йил Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 3 йўналишда илк грант танлови эълон қилинган эди.
Бугун ЎзННТМА Хоразм ҳудудий бўлинмасида ЎзННТМА ҳузуридаги мазкур жамоат фонди биринчи танлови ғолиблигини қўлга киритган вилоятдаги саккиз нафар нодавлат нотижорт ташкилотлари вакиллари иштирокида маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Унда лойиҳаларни амалга ошириш тартиби, ишлаб чиқилган стратегияларни амалиётда қўллаш ҳамда кўзланган натижага эришиш учун иш самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
“Жорий йил Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фонди томонидан эълон қилинган грант танловида жами 120 та лойиҳа муаллифлари ғолиб бўлди. Мазкур лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этишда яқиндан ёрдамлашиш мақсадида, ҳудудларда лойиҳа муаллифлари билан учрашиб, соҳага оид билимларимизни бўлишяпмиз. Ушбу илк танлов биз учун жуда катта тажриба бўлди. Келгусида ННТлар фаолияти, улардаги масалаларни чуқурроқ ўрганган ҳолда, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган яна янги грант танловларини эълон қилишни режалаштирганмиз”, - дейди ЎзННТМА ҳузуридаги жамоат фонди бошкарув раиси Самандар Ҳалилов.
Шунингдек, маҳорат дарсларида соҳа вакиллари томонидан ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича ҳам кўргазмали дарслар ташкил этилди.
Машарипова Рашида,
ЎзННТМА Хоразм вилоят худудий бўлинмаси раҳбари