Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ бошқармаси ҳамда Статистика бошқармалари ҳамкорлигида ННТ раҳбарлари учун “Электрон хисобот топширишда ННТларнинг салоҳияти ва хабардорлигини ошириш йўллари” мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарда ҳар бир йўналиш бўйича соҳа мутаҳассислари томонидан батафсил тушунтириш берилди. Қайд этилдики, қонунчиликка кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари (диний ташкилотлар) ҳар йили 1 февралга қадар ўтган йилдаги фаолияти юзасидан маълум бир органларга ҳисобот тақдим этадилар. Ҳисобот шакли тегишли тартибда тасдиқланган бўлиб, уларни қулай ва сифатли топшириш учун www.e-ngo.uz портали ишга туширилган. Уларни ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этиш шарт этиб белгиланган.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни рўйхатдан ўтказувчи органга ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиши, ўз фаолияти тўғрисида била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этиши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 239-моддасига кўра, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, семинар давомида ННТ раҳбарларига сайт орқали ишлаш, ҳисоботларни электрон тарзда тўлдириш ҳамда юбориш бўйича кўргазмали машғулотлар ўтилди.
ЎзННТМА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси