Бугун Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида “Дугоналар” ногирон аёллар жамияти ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда ассоциация қошидаги жамоат фонди билан ҳамкорликда “Дугоналар” имконияти чекланган аёллар соғломлаштириш марказининг очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, имконияти чекланган хотин-қизларнинг саломатлигини тиклашдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, мазкур фармонда хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, хотин-қизлар йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида урғу берилган бўлиб, давлат ва нодавлат ташкилотларининг ташаббуси билан бугунги кунда Фармон ижроси ўз тасдиғини топмоқда.
Жумладан, “Дугоналар” ногирон аёллар жамияти Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган биринчи грант танловида иштирок этиб, 70 млн. сўм маблағни қўлга киритган эди.
Бугун мазкур маблағни мақсадли ва манзилли сарфлаган ҳолда янгийўллик имконияти чекланган опа-сингилларимиз учун соғломлаштириш маркази ташкил этилди.
Марказда имконияти чекланган хотин-қизлар шифокор кўриги ва маслаҳати билан ўзларига мос спорт тури билан бепул шуғулланишлари, тиббиёт вакилларининг назоратидан ўтиб туришлари, қолаверса, ногиронлиги бўлган аёллар ўртасида ўтказиладиган турли мусаобақаларга тайёргарлик кўриш учун имкониятлар яратилган.
Марказнинг мазкур ҳайрли ва ташаббускорона ҳаракатларини шаҳардаги тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватлаб, унинг фаолияти учун “Янги фаровон” маҳалласидан жой ажратишда яқиндан кўмаклашишди.
Тадбир давомида марказнинг ташкил этилиши учун кўмаклашган ташкилот ва тадбиркорларга “Дугоналар” ногирон аёллар жамиятининг ташаккурномалари топширилди.