Бугун мамалкатимизда имконияти чекланган фуқароларга ҳар қачонгиданда катта эътибор қаратилмоқда. Уларга яқиндан кўмак беришда нафақат давлат, балки нодавлат ташкилотлари ҳам алоҳида фаоллик кўрсатмоқдалар.
Жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши қошидаги Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази турли ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиб, имконияти чекланган фуқароларга амалий ёрдам бериш мақсадида қатор ташаббуслар билан чиқмоқда.
Хусусан, мазкур нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси қошидаги Ўзбекистон ННТларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида “Эшитиш аппаратлари” лойиҳаси билан иштирок этиб, 70 млн. сўм миқдоридаги грант маблағини қўлга киритди.
Бугунги кунда лойиҳани амалга ошириш борасида бир қатор келишувларга эришилди.
Бу ҳақда ЎзННТМА Кенгаши ходимларидан таркиб топган ишчи гуруҳ вакиллари ННТ фаолияти билан танишиш ва уларга кўмак бериш мақсадида амалга оширган ташрифлари чоғида маълум бўлди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши қошидаги Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази директори ўринбосари Дилфуза Каримованинг қайд этишича, лойиҳа доирасида марказ томонидан жамиятимиздаги эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг статистик маълумотларини тайёрлаш учун ўрта махсус мактабларда сўровномалар ўтказилди, шунингдек, имконияти чекланган оналарга замонавий эшитиш соатларини харид қилиш бўйича шартномалар ҳам имзоланган.
Ушбу ускуналарни имконияти чекланган опа-сингилларимизга етказилиши, фарзанд тарбиясида, уй ишларини мукаммал бажаришларида, қолаверса, жамиятда янада эркин ҳаракат қилишларида яқиндан ёрдамчи бўлади.
Марказ вакиллари билан учрашув давомида келгуси режалар, қўлга киритилган грант лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича суҳбатлашилиб, грант маблағларидан самарали фойдаланиш ва амалга оширилган ишларни мониторинг қилиш бўйича тавсиялар берилди.