Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Қоражийда” қишлоғидаги аҳоли фойдаланишида бўлган сув қудуғи эскирганлиги боис, қишлоқнинг чекка ҳудудларига тоза ичимлик суви етиб бормаётган эди. Мазкур муаммони ҳал қилиш учун тумандаги “Оби зам-зам” нодавлат нотижорат ташкилоти масъулиятни ўз зиммасига олиб, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловига ҳужжат топширди. “Тоза ичимлик суви-келажак авлод саломатлик гаровидир” номли лойиҳа билан иштирок этиб, 70 млн. сўм миқдоридаги грант маблағини қўлга киритди.

Маблағ эвазига ННТ 3 ой давомида "Қоражийда" қишлоғида янги ичимлик суви кудуғини қазиб, аҳоли фойдаланишига топширди.

Эндиликда қишлоқдаги 5 минг 500 аҳоли, 2 та мактаб,  2 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда 1 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Сув келтирган элда азиз, дейилади. Ушбу ҳайрли ишда нодавлат нотижорат ташкилотига маҳалла фаоллари ва раислари яқиндан кўмаклашишди. Грант лойиҳасида назарда тутилган ишлар тўлалигича амалга оширилиб, энг олий мақсад – аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга эришилди.