Катта футболда жаҳон чемпионатага чиқа олмаяпмиз, дея бонг урамиз. Лекин айнан футболда бир эмас беш карра жаҳон чемпион эканлигимиз кўпчиликнинг ёдидан кўтарилганлиги рост. Бундай муваффақиятларга Бундай муваффақиятларга фақат ногирон-ампутантларимиз меҳнатлари эвазига эришганмиз.

Ўзбекистонда ногирон-ампутантлар футболига 1988 йилда асос солинган. Ногирон-ампутантлар футболимиз кўп ўтмай нафақат собиқ Иттифоқда, балки жаҳонда ном қозона бошлади. 1990 йили АҚШда, 1991 йили Ўзбекистонда, 2007 йили Туркияда, 2010 йили Аргентина ҳамда 2012 йили Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритган.

Орада маълум муддат ногирон-ампутантларимиз эътибордан бироз четда қолишди. 2020 йили “Матонат Футбол” ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш марказининг ташкил этилиши билан, спортнинг мазкур йўналиши яна «жонланди». Хусусан, ўтган йил илк маротаба ногирон ампутантлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати, турли ўртоқлик учрашувлар ўтказилди.

Бошланган ишлар тўхтаб қолмаслиги учун “Матонат футбол” Маркази Ўзбекистон нодавлат нотижорат такшилотлари миллий ассойиацияси қошидаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида “Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш” номли грант лойиҳаси билан иштирок этиб, 70 млн. сўм миқдоридаги маблағни қўлга киритди.

Марказ лойиҳада назарда тутилган вазифалардан келиб чиқиб, грант маблағларини самарали йўналтирган ҳолда, ампутант ногирон шахслар ўртасида хотира турнирини ўтказди.

Юрт футболи равнақига улкан ҳисса қўшган фидоий инсонлар - Мираброр Усмонов, Наримон Жалолов, Алла Тазетдинова, Анвар Исмоилов, Рустам Қориев, Рима Усмонхўжаеваларнинг хотирасига бағишлаб ўтказилган турнир Фарғона шаҳрида бўлиб ўтди.

«Матонат», «Байналминал», «Андижон», «Фарғона», «Жиззах» ва «Қўқон» жамоалари иштирокида ўтган мусобақада юз фоизли натижа қайд этган «Матонат» жамоаси ғолиб сифатида олтин медаль билан тақдирланди. «Андижон» жамоаси кумуш, «Байналминал» жамоаси эса бронза медали билан мукофотланди.

Келгусида   “Матонат   Футбол” ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази томонидан грант лойиҳаси доирасида ампутант ногиронлиги бўлган шахсларларни спротга жалб қилувчи видеодарсликлар тайёрлаш, республикамиз бўйлаб спротга қизиқиши бор, аммо имконияти чекланган ногирон ампутант ёшларни излаб топиш ва улар орсидан иқтидорлиларни саралаб, профессонал даражада шуғуллантириб бориш, қолаверса, спортга ногирон ампутант қизларни ҳам жалб этиш режалаштирилган.