Хабарингиз бор, 2021 йили Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси қошидаги Ўзбекистон ННТларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан биринчи грант танлови эълон қилинган эди. Унда ғолиб бўлган 120 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ўрганиш ҳамда грант лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этишда яқиндан кўмаклашиш мақсадида, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан жойлардаги лойиҳа ғолиблари бўлган ННТларга ташрифла амалга оширилмоқда.
ЎзННТМА ходимларидан таркиб топган ишчи гуруҳ вакилларининг илк ташрифи Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотига бўлди.
Мазкур ННТ грант танловида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ахборот, маслаҳат ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси билан иштирок этиб, 70 млн. сўм миқдоридаги пул маблағини қўлга киритган.
— Бугунги кунда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича махсус чора-тадбирларни белгилаб олдик, - дейди “Мадад” ННТ Ижрочи директори Тўлқин Турсунов. —Унда ННТлар фаолиятига оид қонунчиликдаги янгиликлар бўйича ахборот алмашинуви тизимини жорий этиш, аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар ва ёрдам бериш бўйича электрон база яратиш, “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталида ННТлари фаолиятига оид алоҳида бўлим очиш, тарқатма материаллар тайёрлаш, ННТлар иштирокида семинар-тренинглар ташкил этиш ҳамда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг ролини оширишда инновацион усулларни жорий этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Ташриф чоғида “Мадад” ННТ фаолияти билан яқиндан танишилди. Шунингдек, грант маблағларидан самарали фойдаланиш, лойиҳани ОАВда кенг ёритиш, давлат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик масалалари бўйича тегишли тавсиялар берилди. Қолаверса, лойиҳани ҳаётга тадбиқ этишда ЎзННТМА ходимларининг кўмаги ҳам таклиф этилди.
Шу каби грант танлови ғолиблари бўлган ННТ вакиллари билан учрашувлар республикамиз бўйлаб давом этади.