Наманган шаҳридаги Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби залида Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси вилоят бўлими ташаббуси билан таэквондо ВТ йўналиши бўйича болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида вилоят кубоги мусобақаси ўтказилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қуватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Ижтимоий ёрдам кўрсатиб, сизларни баланд марралар сари олға бошлаймиз” номли грант лойиҳаси асосида ташкиллаштирилган мазкур мусобақада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 300га яқин ўғил-қиз иштирок этди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш ҳамда юртимизда шарқона якка кураш спорт турларини оммалаштиришга қаратилган ушбу мусобақада Наманган шаҳридаги Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби вакили Жавоҳир Сирматов биринчи ўринни қўлга киритди. Давлотобод туманидаги Олимпия захиралари коллежидан Аҳрор Самиев фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди. Учинчи ўрин эса Чуст туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабидан Равшан Ҳакимжонов ҳамда Давлатобод туманидаги 1-сонли БЎСМ аъзоси Абдулазиз Ғаниевга насиб этди.
Мусобақада фаол иштирок этиб, маҳоратини тўлақонли кўрсата олган 60 нафар спортчи Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ўзбекистон Таэквондо (WTF) асоциацияси вилояти бўлими ижрочи директори Холмурод Нозимов ғолиб ва совриндор спортчилар, уларнинг мураббийларни тақдирлади.
Манба: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.