Косонсой туманидаги “Истиқлол” маҳалласида Наманган вилояти “Ижтимоий ҳимоя” жамиятининг Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Барчамиз инсон қадри ва ижтимоий турмуш тарзи учун маъсулдирмиз!” номли лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Жамият лойиҳани амалга ошириш давомида, қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган “Истиқолол” маҳалласидаги 71 та хонадон учун жами 700 метр узунликда ичимлик суви тармоғини тортди ва фойдаланиш учун топширди.
Лойиҳа амалга оширилгунга қадар, битта оила ҳафтасига камида 100 минг сўмлик ичимлик сувини сотиб олар ва 2-3 км масофадан ташиб келар, қиш ва баҳор ойларидаги ёғингарчиликлар муаммони янада чуқурлаштириб юборган эди.
“Истиқлол” маҳалла раиси, маҳалладаги хоким ёрдамчиси “Ижтимоий ҳимоя” жамиятига лойиҳани амалга оширишда яқиндан қўмак берди, шунингдек, маҳалла аҳолиси ҳашар йўли билан сув тармоғини тортиш ишларида иштирок этди.
Жамият “Инсон қадри учун” ғояси асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ва ногиронлиги бўлган фуқаролар, қариялар, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларнинг турмуш фаровонлигини оширишни ўзининг асосий вазифаси этиб белгилаган.
ЎзННТМА Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси