Жорий йилнинг 16-17 март кунлари Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Нуроний ота-оналаримиз - фахримиз” номли грант  лойиҳаси ҳамда “Наврўз” байрами муносабати билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Наманган вилоят ҳудудий филиали томонидан “Кексалар дуосини олайлик” хайрия акция тадбирлари ташкил этилди.

Тадбирлар Наманган шаҳар ва туман “Нуронийлар” кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бираликда “Ўрта Ровустон”, “Келажак тонги” ҳамда “Қадамжо” маҳаллаларида ўтказилди.

Мазкур тадбирларда 70 нафар нуронийлар, якка-ёлғиз кексалар, 100 ёшдан ошган меҳнат фаҳрийлари байрам билан табрикланиб, уларга грант маблағлари ҳисобидан олинган тиббий жиҳозлар, “тиббий қўлланма” буклетлари ва яна бир қатор совғалар улашилиб, тиббиёт соҳаси вакиллари томонидан соғлом турмуш тарзи тамойиллари тўғрисида тавсиялар, тушунчалар берилди.

Шунингдек, тадбир доирасида “Ўрта Ровустон” маҳалласи истиқомат қилаётган меҳнат фаҳрийлари хонадонларига ҳам ташриф буюрилиб, “Наврўз” байрами билан табрикланди ва эсдалик совғалари тақдим этилди.   

“Нуроний ота-оналаримиз - фахримиз” номли ушбу грант лойиҳаси давомида қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган яна 400 нафар нуронийларга, якка-ёлғиз кексаларга, 100 ёшдан ошган меҳнат фаҳрийларига, Улуғ Ватан Уруши қатнашчиларига ижтимоий хизмат кўрсатиш учун 25 нафар ёшлардан иборат кўнгиллиларни тайёрлаш, тиббий жиҳозлар тақдим этиш ҳамда бепул тиббий кўриклар ташкил этиш режалаштирилган.

ЎзННТМА Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси