Қарши шаҳрида “Давлат бошқарувида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш: Қашқадарё вилояти тажрибаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, мутасадди давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоятдаги Жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Давра суҳбати республикамиз бўйлаб иш бошлаган Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасида ташкил этилди
Сўзга чиққан спикерлар давлат ва жамият бошқарувида фуқаролар иштирокини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ва бу борада эришилган натижалар, ушбу йўналишда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтишди. Давлат бошқарувида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг муҳим шарти бўлиб, унинг самараси, бир томондан, давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигига, иккинчи томондан эса фуқаролар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг фаоллигига боғлиқ. Бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш муҳимдир.
Бугун вилоятда 565 та нодавлат нотижорат ташкилотлари, 813 та маҳалла фуқаролар йиғинлари, 45 та оммавий ахборот воситалари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, давлат идораларининг фуқаролар билан очиқ мулоқоти йўлга қўйилган. Хусусан, вилоятда 20 дан ортиқ давлат ташкилотлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ўз навбатида, жорий йилда Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича Қашқадарё вилояти Жамоатчилик гуруҳи тузилди. Унинг таркибига киритилган ННТлар, ОАВлар вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат 21 нафар аъзоси тасдиқланди.
Бугунги кунда ушбу жамоатчилик тузулмалари томонидан 2022 йилги Давлат дастурининг ижроси юзасидан мониторинг ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Фаол фуқаролар ҳафталиги ҳам Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида ҳамда мамлакатдаги конституциявий ислоҳотлар шароитида трансформация жараёнларининг барча иштирокчилари ўртасида конструктив мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Давра суҳбати якунида давлат бошқарувида, қарорлар қабул қилишда жамоатчилик иштирокини янада ошириш бўйича тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди. Бу йўналишда вилоятдаги фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Манба: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси