Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент шаҳрининг маҳаллаларида “Аёллар”, “Ёшлар”, “Темир”, “Меҳр” дафтарларига киритилган ҳамда бошқа ижтимоий эҳтиёжманд аҳолининг муаммолари ўрганиш, улар кўламидан келиб чиқиб, аҳолига иқтисодий, ҳуқуқий, тиббий, психологик ва инклюзив ижтимоий хизматлар кўрсатишда нодавлат нотижорат такшилотлари фаоллигини ошириш мақсадида пойтахтда фаолият юритаётган ННТлар иштирокида семинар бўлиб ўтган эди.
Семинарда мазкур ишларни ташкил этиш учун ажратиладиган грант лойиҳаларида иштирок этиш, лойиҳаларни тўғри йўналтириш борасида маҳсус тушунтиришлар олиб борилишини сўраб, ННТ вакиллари мурожаат қилишган эди.
Мазкур мурожаатлардан келиб чиқиб, ЎзННТМА Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Олмазор туманида фаолият юритаётган ННТ вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат Фондининг масъул ходимлари Давлатимиз раҳбарининг “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони, “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, бу борада олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат Фонди томонидан эълон қилинган биринчи ва иккинчи танловда грант лойиҳалари билан иштирок этиш масалалари юзасидан атрофлича ахборот берилди.
Хусусан, грант лойиҳаларида маҳаллалардаги ишсиз, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа қатламларини касбга ўқитиш, иш жойи билан таъминлаш, аёлларга, ногирон фарзанди бор оилаларга малакали тиббий, психологик, ҳуқуқий, моддий, маънавий ёрдам ва инклюзив таълим бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалаларини олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Савол жавоблар асосида ўтган тадбирда ННТ вакиллари бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий асослари, лойиҳаларни молиялаштириш борасида ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.
ЎзННТМА