Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонда ижтимоий шериклик соҳасида: давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлик истиқболлари” мавзуида семинар ташкил этилди.

Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган биринчи йўналишидаги фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, молиявий-иқтисодий ва институционал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон қадри улуғланган адолатли ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш масалалари семинарнинг асосий мақсади этиб белгиланди. 

Семинарда сўз олган соҳа вакиллари мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий шериклик муносабатларининг ҳуқуқий асослар, 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси доирасида белгиланган вазифалар, ёшлар соҳасида 2021 йил давомида ажратилган давлат ижтимоий буюртмалари каби масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.

Қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” Фармони асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти кафолати кучайтирилмоқда. Қолаверса, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масаласи мазкур фармон билан тасдиқланган “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинди ва ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичлари асосида уларнинг рейтинги тузилади.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси томонидан Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлик стандарти ҳам тасдиқланди.

Натижада, 100 дан ортиқ республика нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 2021 йилдаги фаолияти юзасидан тақдим этилган маълумотлар асосида «Энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари топ – 20» рўйхати эълон қилинди.

Семинарда мазкур энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари 20 талигини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мазкур рейтингга киритилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг амалга оширган ижобий ишлари жамоатчилик ўртасида оммалаштирилади, ижтимоий шериклик доирасида давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар олишга тавсиялар (йўлланмалар, сертификатлар) берилади, моддий-техник базасини (оргтехника, компьютер, бошқа техник воситалар, бино билан таъминлаш ҳамда бошқалар) мустаҳкамлашга белгиланган тартибда кўмак берилади.