Бугун Бухоро шаҳридаги "ННТ ва дўстлик уйи" биносида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ташаббуси билан ZOOM платформаси орқали Бухоро вилоятида фаолият юритаётган ЎзННТМА аъзоларининг фаолиятини ўрганиш, мавжуд муаммолор таҳлили ва таклифлар тайёрлашга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди. Семинар-тренинг ишида онлайн ва оффлайн тарзда ЎзННТМА аъзоси бўлган 60 та нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Семинар-тренинг давомида қайд этилдики, учинчи сектор фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон, “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига ННТларни ривожлантириш, уларга кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш борасида, қўшимча вазифа ва ваколатлар юклатилди.
2021 йилда жамоат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ассоциация қошидаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан умумий 8,5 млрд. сўмлик биринчи грант танлови ўтказилди.
Унда Бухоро вилоятидан 30 та ННТ грант танловига лойиҳа тақдим этган бўлиб, уларнинг 4 таси ғолиб бўлди.
Ушбу семинар-тренингни ташкил этилишининг асосий мақсади ҳам айнан Бухоро вилоятидаги ННТларнинг грант танловларида фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг фаоллигини янада оширишдан иборат.
Семинар-тренинг якунига кўра ҳудудларда маҳаллий грантлар билан ишлашдаги дуч келинаётган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тренерлар штаби аъзолари ва тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда мунтазам семинар-тренинглар ўтказиб бориш, маҳаллий грантлар эълон қилинганда, уларни тарғиб қилиш кўламини кенгайтириш (ОАВ ва интернет тармоқларида эълонлар бериш), чекка ҳудудларда фаолият юритаётган ННТларга ҳам етказиш, улар билан ишлаш бўйича тавсиялар берилди.
ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси