Сўнгги йилларда юртимизда аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашиш орқали жамиятда камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида мамлкатимиз аҳолисининг моддий фаровонлиги тобора ортиб бормоқда.

Тошкент вилоятидаги қатор ННТлар ҳам бу борадаги ишларда жонбозлик кўрсатиб, аҳолининг кенг қатламлари орасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва бандлигини таъминлаш орқали жамиятда камбағалликни қисқартириш, халқнинг моддий фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиб келишмоқда.

Тошкент вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан "Тошкент вилоятининг қишлоқ ҳудудларида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда кам таъминланган аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва улар бандлигини таъминлашдаги ижтимоий ҳамкорликнинг инновацион механизмлари" мавзусида ижтимоий буюртма лойиҳа асосида ҳам қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Айниқса, марказда “Аёллар дафтари”га киритилган 40 нафар аёл касб-ҳунарга йўналтирилиб, уларга малакали мутахассис-мураббийларнинг ахборот технологиялари ва компьютер саводхонлиги, қандолатчилик йўналишлари бўйича ўқув машғулотлари олиб боришаётгани фикримизга мисол бўла олади.

Шунинг баробарида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28-январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги ПФ-60-сонли фармони ижросини таъминлаш, стратегиянинг “Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш” номли 6-йўналишининг 85-мақсади “Мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш” мақсадини самарали амалга оширишга ҳам хисса қўшилмоқда.

Бугун ҳудуддаги банд бўлмаган, уюшмаган аёллар марказ фаолиятидан миннатдор. Негаки, бу ерда улар касб-ҳунарга қайта ўқитилиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда тегишли малакага эга бўлишаяпти. Бунинг ортидан моддий фаровонлиги ошаяпти. Ҳаётга бўлган ишончи ортиб, оила ва жамиятда ўз ўринларига эга бўлишаётганини эътироф этишаяпти.

 

Дилноза Муродова,

ЎзННТМА Тошкент вилояти худудий бўлинмаси бош мутахассис