12 апрель куни Олий Мажлис Сенатида “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг ҳуқуқий ёрдам олишини таъминлашда ННТларнинг роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ва Қўмита аъзолари, USAIDнинг LRP Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастури, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси вакиллари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзолари иштирок этди.
“Ўзбекистонда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ва Андижон ҳамда Хоразм вилоятларида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юридик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш” лойиҳаси доирасида ўтказилган давра суҳбати аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юридик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини таъминлашда ННТлар ва ижтимоий шерикликнинг ўрни муҳокамасига бағишланди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази (ФТҚМ) томонидан АҚШнинг халқаро ривожланиш агентлигининг (USAID) Ўзбекистонда Ҳуқуқий Ислоҳотлар Дастури кўмагида амалга оширилмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан ўзаро ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилгандан сўнг аҳолини ўз ҳуқуқлари тўғрисида хабардор этишга, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланишини таъминлашга эришиш мумкин бўлади.
Давра суҳбати якунида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган махсус лойиҳаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.
Манба: senat.uz