Урганч шаҳрида жойлашган "Ишга марҳамат" Мономарказ мажлислар залида ЎзННТМА Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмаси ва "Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси"нинг Хоразм вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида "Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришда ижтимоий ҳамкорликнинг роли" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятда фоалият юритаётган фаол ННТ раҳбарлари, давлат ташкилотлари вакиллари, психологлар, ёшлар, мономарказ ўқитувчилари иштирок этишди.

Тадбирда “Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси” раиси Н.Миродилова сўзга чиқиб, уюшманинг мақсад ва вазифалари, амалга ошираётган фаолияти, "Давлат ривожланишида нодавлат нотижорат ташкилотларни ўрни" лойиҳаси тўғрисида тўхталди.

Шунингдек, иштирокчиларга ЎзННТМА фаолияти, ННТлар ва маҳаллий давлат ташкилотлари билан ҳамкорлиги, вилоятдаги ННТларнинг амалга ошираётган ижтимоий лойиҳалари тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди.

Тадбир доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва уларни шунга жалб қилиш, соғлом миллат генофондини яратишда аҳолини фаолликка чорлаш, хотин-қизларда учрайдиган касалликларни эрта аниқлаб, уларнинг саломатлигини тиклашда давлат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш мақсадида "Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси", ЎзННТМА Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмалари, вилоят Соғликни сақлаш бошқармаси, Халқ таълими ва  Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ҳамда вилоят ОИТСга қарши курашиш марказлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

ЎзННТМА Хоразм вилояти худудий бўлинмаси