Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ва UNFPA (БМТ аҳоли жамғармаси) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ЎзННТМА ва UNFPA ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ЎзННТМА фаолияти билан боғлиқ ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда турли йўналишларда тадбирлар, давра суҳбатлари ва ўқув-семинарларни ташкил этиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларини ўқитишни ташкил этиш, гендер тенглиги, аҳоли саломатлиги ҳамда демографик масалаларда фаолият юритаётган ННТларни жипслаштириш, уларни UNFPA олиб бораётган ислоҳотларга фаол жалб қилишдан иборат.
Учрашув давомида ЎзННТМА Кенгаш раисинг биринчи ўринбосари Б.Машарипов Ассоциация фаолияти, хорижий ва маҳаллий ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкиилотлари билан ҳамкорлик масалалари, ННТлар раҳбарларини малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этилаётганлиги, Ассоциация аъзолари, ажратилаётган грантлар юзасидан маълумот берди.
Ўз навбатида, UNFPA (БМТ аҳоли жамғармаси) ходими Н.Файзуллаева ҳам UNFPAнинг фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.
—UNFPA – бу ривожланаётган мамлакатларда демографик, соғлиқни сақлаш, аҳоли саломатлиги, муаммоларга ечим топишда ёрдам берадиган БМТнинг аҳоли соҳасидаги операцион фаолиятини бошқарадиган ташкилоти ҳисобланади, - дейди UNFPA ходими Н.Файзуллаева. —UNFPA 2021-2025 йиллар учун режалаштирилган молиявий эҳтиёжлари – репродуктив саломатлик, гендер тенглиги ҳамда аҳолининг динамикасига қаратилган бўлиб, ушбу йилларда юқоридаги соҳаларни ислоҳ қилиш учун жами жалб қилинадиган маблағлар 9 млн. долларни ташкил қилади. Шунингдек, ҳозирги кунда, UNFPA “Меҳрибонлик”, “Ойдин нур”, “Оналар ва болаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси” каби ННТлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзаро маълумотлар алмашилгандан сўнг, ЎзННТМА ва UNFPA стратегик жиҳатдан қандай ишлаш кераклиги муҳокама қилинди.
Хусусан, ҳамкорлик учун тренерлар тайёрлашни йўлга қўйиш, улар учун гендер тенглиги, аҳоли саломатлиги мавзуларида жорий йилнинг сентябрь ойида семинар-тренинглар ташкиллаштириш, маҳаллалар билан бевосита ишлаш учун ННТларни жалб қилиш асосий йўналишлар сифатида белгилаб олинди.
ЎзННТМА