2022 йил 16 июнь куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда инсонпарвар давлат қуришда ННТларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Қайд этилдики, мамлакатимизда кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” нинг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган биринчи йўналишида ҳам “учинчи сектор” фаолиятини ривожлантириш борасида муҳим вазифалар белгиланган.

Жумладан, келгуси беш йилликда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш, уларнинг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни ривожига қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишдаги хорижий тажрибаларни ўрганиш, юртимиз шароитига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Таъкидландики, мазкур кенг кўламли ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг замонавий билим ва малакага эга бўлишлари муҳим аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор вазифалар мазмунидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида жорий йилда ҳам икки босқичда 100 нафар ННТлар раҳбарларининг малакасини ошириш режалаштирилган.

Мазкур ўқувларнинг биринчи босқичи ўз ниҳоясига етди. Ўн кун давом этган ўқувларда тингловчиларга  нодавлат ва нотижорат ташкилотлари фаолиятининг жамиятимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдаги муҳим стратегик мақсад ва вазифалари тўғрисида тизимли ёндашувга асосланган тўлиқ умумкасбий билимларини шакллантириш, фаолиятига оид халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий билимлар билан таништириш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда тингловчиларнинг иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришиш бўйича бошқарув компетенцияларини ривожлантириш бўйича зарурий билимлар берилди.

Тадбирда ушбу ўқувларни муваффақиятли тамомлаган 50 нафар ННТлар раҳбарларига Давлат бошқаруви академиясининг сертификатлари топширилди.

Ўз навбатида, мазкур ўқувларни тамомлаган ННТлар раҳбарлари Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси қошида ташкил этилган “Тренерлар штаби” аъзолигига қабул қилинади.

Келгусида тренерлар ҳудудларда ННТ вакиллари учун ташкил этиладиган семинарларда иштирок этиб, уларнинг иш фаолиятини янада яхшилашда ва ижтимоий лойиҳалар ёзишда яқиндан кўмаклашадилар.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг ноябрь ойида ҳам яна 50 нафар ННТлар вакиллари ўқитилади. 2025 йилга қадар жами 750 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари билим ва кўникмаларини ошириш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси